ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ БАҲОЛАШДА KPI (KEY PERFORMANCE INDICATOR) НИНГ АҲАМИЯТИ
Abstract
Ҳозирги кунда давлатлар ўртасида кескин рақобат юзага келмоқда, бу жараёнда янги шароитларга мослашувчан, олдига қўйилган масалаларни тезкор ва сифатли ҳал этишга қодир давлат фуқаролик хизматчилари корпусини ташкил этиш муҳим саналади.
Шу мақсадда Ўзбекистонда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид чора-тадбирлар дастурида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашни амалга ошириш механизми сифатида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунда “Давлат фуқаролик хизматчисини тегишли равишда рағбатлантириш ва хизматда лавозим бўйича кўтариш унинг касбий компетенцияларини ҳамда алоҳида хизматларини холисона ва адолатли баҳолаш асосида таъминланади” дея белгилаб қўйилди. Ушбу қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш ҳамда холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш учун унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш тизими жорий этилади.